Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси брифинг ўтказди

14.10.2024

127

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловларга тайёргарлик, уни ўтказиш масалалари бўйича Андижон вилояти ҳудудий сайлов комиссияси томонидан брифинг ўтказилди.

 

Брифингда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Бахтиёржон Расулов қуйидагиларни маълум қилди:  

 

– Андижон вилоят ҳудудий сайлов комиссияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 26 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган календарь режа асосида олиб бормоқда.  

 

Андижон вилояти ҳудудий сайлов комиссияси томонидан вилоятда қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ташкил этиш бўйича белгиланган тартиблар асосида ишлар олиб борилмоқда.  

 

Жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 10 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича 7 та бир мандатли сайлов округлари ташкил этилди, 5 та сиёсий партиядан кўрсатилган 35 нафар депутатликка номзод рўйхатга олинди. Рўйхатга олинган депутатликка номзодларнинг “E-saylov” ахборот тизими орқали киритган аризаларига мувофиқ уларнинг ишончли вакиллари рўйхатга олиниб, тегишли гувоҳномалар тақдим этилди.  

 

Шунингдек, Андижон вилояти ҳудудида 14 та туман, 2 та шаҳар комиссияси раиси, раис ўринбосари, котиби ва 316 нафар аъзодан иборат туман, шаҳар сайлов комиссиялари тузилиб, уларнинг таркиби, жойлашган ҳудуди тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий сайлов комиссияси веб-саҳифаси ҳамда ОАВларида эълон қилинди.  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича календарь режанинг 7-бандига мувофиқ, жами 495 нафар аъзодан иборат 55 та округ сайлов комиссияси тузилиб, уларнинг таркиби ва жойлашган ери тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинди.  

 

Сайлов Кодексининг 10-моддасига асосан, сайловга камида 60 кун қолгунича бўлган муддатда, яъни 2024 йилнинг 22 августидан туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномасига биноан Андижон вилояти ҳудуди бўйича жами 938 та сайлов участкалари тузилди, уларнинг тартиб рақами белгиланди, чегаралари ва манзили кўрсатилган маълумотлар тегишли тартибда эълон қилинди.  

 

Календарь режанинг 7-бандига мувофиқ, сайловга камида 40 кун қолганида, яъни жорий йил 16 сентябрь куни 938 та сайлов участкасида фаолият кўрсатиш учун 10 минг 293 нафар аъзодан иборат участка сайлов комиссиялари тузилиб, уларнинг таркиби, телефон рақамлари, жойлашган ери, овоз бериш биноси тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий сайлов комиссиясининг веб саҳифасида эълон қилинди.  

 

Сайловга камида 35 кун қолганида, яъни жорий йилнинг 19 сентябрда Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутатлигига 275 нафар номзод рўйхатга олинди.  

 

Сайловларга тайёргарлик жараёнида 6 нафар республика ва 83 нафар вилоят тренери томонидан жорий йилнинг 2-14 октябрь кунлари вилоятдаги 938 та сайлов участкаси комиссиялари аъзолари учун ўқув машғулотлари ўтказилди.  

 

Андижон вилояти ҳудудий сайлов комиссияси Матбуот маркази томонидан берилган маълумотлар асосида сайлов компанияси бошланганидан буён Андижон вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг расмий телеграмм канали, оммавий ахборот воситалари орқали 100 га яқин ахборот ва мақолалар эълон қилинди, кўрсатув, мунозара, дебатлар намойиш этилди.  

 

Айни кунда барча сайлов комиссияларида сайловчиларнинг якуний рўйхатини шакллантириш, сайлов участкаларини овоз бериш учун жиҳозлаш ишлари якунига етказилмоқда.    

 

Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши, туман ва шаҳар кенгаши депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенлари намунага мувофиқ тайёрланди ва белгиланган тартибда муддатидан олдин овоз беришда фойдаланиш учун бюллетенларнинг 10 фоизини участка сайлов комиссияларига етказиш чоралари кўрилмоқда.  

 

Таъкидлаш керакки, “E-saylov” ахборот тизимининг жорий этилиши сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказилишини ташкил этиш борасидаги ишларни самарали олиб боришда катта қулайлик яратмоқда. Авваламбор, ушбу тизим ўзаро тезкор маълумот алмашиш имконини  бермоқда. Эндиликда масъул ва мутасаддиларнинг асосий эътибори  техник ишларни бекаму кўст якунига етказиш, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва малакаларини ошириш, сайлов участкаларини жиҳозлаш ва юзага келган муаммоларни ҳал этишга қаратилмоқда.  

 

Бир сўз билан айтганда, вилоят ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сайловларни очиқ-ошкора, шаффоф ва қонунчилигимизда белгиланган тартиблар асосида ўтказилишини таъминлаш учун зарур барча ишлар олиб борилмоқда.  

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур