АНДИЖОНДА 938 ТА САЙЛОВ УЧАСТКАСИ ТУЗИЛДИ

23.08.2024

244

msk_yangiliklari_in

Бугун Андижон вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

 

Йиғилишни  вилоят ҳудудий сайлов коммиссияси раиси Б.Расулов бошқариб борди. Сайлов участкаларининг жойлашуви юзасидан шаҳар ва туман ҳокимликларининг тақдимномаларига асосан вилоятда 938 та сайлов участкаси тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Сайлов участкаларининг тартиб рақамлари, чегаралари, манзиллари рўйхати тасдиқланди.

 

 

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10-моддасида сайлов участкаларини тузиш тартиби ва нормаси ҳамда кодекснинг 20-моддасида Ҳудудий сайлов комиссиясига сайлов участкаларини тузиш, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилаш, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилиш, сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор қилиш ваколати юклатилган.

 

Шунингдек, Сайлов участкалари учун аҳоли вакилларига қулай бўлган бинолар танлаб олинган бўлиб, уларнинг 664 таси умумтаълим мактабларида, 56 таси касб-ҳунар коллежлари, лицей ва техникумларда, 11 таси олий таълим муассасаларида, 34 таси маданият ва спорт иншоотларида, 7 таси ҳарбий қисмларда, 6 таси адлия ва давлат хизматлари марказларида, 63 таси тиббиёт ва дам олиш масканлари, санаторийларда, 32 таси тадбиркорлик субъектларида, 23 таси маҳалла фуқаролар йиғинларида, 42 таси бошқа биноларда жойлашган.

 

 

Сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг, ҳарбий қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш муассасалари бошлиқларининг тақдимномасига биноан ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Сайлов участкалари қоида тариқасида сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда ташкил этилади. 

 

!Эслатиб ўтамиз, Сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатлари сайлови учун ягона ҳисобланади.

 

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур