Шу йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга сайловлар юртимиз тарихида, унинг тараққиёти, бугуни ва эртаси учун ғоят муҳим аҳамиятга эга сиёсий тадбирдир.
Шу маънода, ҳар бир фуқаро бу жараёнга катта масъулият билан ёндашиб, сиёсий савияси ҳамда ҳуқуқий маданиятини намойиш этган ҳолда овоз бериши зарурат ҳисобланади.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг 10 сентябрь куни бўлиб ўтган
навбатдаги йиғилишида участка сайлов комиссияси аъзоларини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Унга мувофиқ 938 та участка сайлов комиссияларининг жами 10 минг 241 нафар аъзоси тақдимномага асосан тасдиқланди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозим, участка сайлов комиссиялари аъзолари таркибини шакллантиришда тавсия этилган номзодларнинг йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотли, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида тажрибага эга эканлиги ва гендер тенглигига алоҳида эътибор қаратилди.
Аъзоларнинг 7 минг 347 нафари, яъни 72 фоизи аввал сайлов ҳамда референдум участкаларида фаолият кўрсатган фуқаролардир.
Сифат таркибига келсак, участка сайлов комиссиялари аъзолари муайян соҳада ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган кишилар сафидан танланди. Шу билан бирга эл-юрт орасида эътибор қозонган, ҳуқуқий жиҳатдан билимли, нутқи равон бўлишлигига аҳамият берилди. Ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, ногиронлиги бор фуқаролар аъзо сифатида иш олиб боришмоқда.
Тайёргарликнинг барча босқичида хотин-қизлар юксак фаолликни намойиш этаётгани қувонарлидир. Фидойи, ташаббускор опа-сингилларимиз иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожланишнинг муҳим масалаларини ҳал қилишда астойдил иштирок этишяпти. Буни участка сайлов комиссияларида фаолият юритаётган 6 минг 85 (59 фоиз) нафар аъзолар аёллар эканлигида ҳам кўринади. Уларнинг аксарияти аҳоли, айниқса, ёшлар орасида катта обрўга эга бўлган, овоз беришда ҳар бир сайловчи иштирокининг муҳимлигини тушунтира оладиган таълим тизими ходимларидир. Шунингдек, 423 та участкага аёллар раислик қилишмоқда.
Айни кунларда сайлов участкаси комиссияларининг раислари, раис ўринбосарлари ҳамда котиблари Марказий сайлов комиссияси концепцияси асосида катта тажрибага эга, малакали экспертлар бошчилигида қонунчик меъёрлари ва жараёнда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий ва амалий билимларини оширмоқдалар.
Чунки мамлакатимизда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Сайлов кодекси билан тартибга солинган. Муҳим сиёсий жараённинг ҳар бир босқичи сайлов комиссияси аъзоларига ҳам сайловчига ҳам катта масъулият юклайди ва фаоллик талаб этади.
Ўқув тренингларда иштирокчилар аралаш сайлов тизими қандай тартибда ўтказилади, ушбу муҳим жараёнда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида етарлича маълумотларга эга бўлишмоқда. Бу билим ва кўникмалар сайловларни миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар асосида, юқори даражада ташкил этилиши ва ўтишига замин яратди.
Яна бир жиҳат, ташкил этилган жами 938 та сайлов участкаси аҳоли учун қулай ҳудудларда бўлишига эътибор қаратилди. Аксарияти, халқ таълими муассасалари биносида фаолият кўрсатаётир. Қолганлари олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, тиббиёт муассасалари, ташкилотлар ҳамда ҳарбий қисмлардаги биноларда жойлашган.
Барча участка сайлов комиссиялари соҳага оид қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, зарур замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди.
Бу амалий ҳаракатларнинг, тадбирларнинг барчаси сайловларни уюшқоқлик ва юқори савияда ўтказишга қаратилган. Мамлакатимиз тараққиётига, эртанги кунига дахлдорлик туйғуси билан яшаётган халқимиз сиёсий кампанияда ўз танловини билдиради.
Зеро, сайланажак депутатлар, у қайси даражадаги халқ вакиллари бўлмасин, жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдеворни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи катта кучдир.
Бахтиёр РАСУЛОВ,
Андижон вилояти
ҳудудий сайлов комиссияси раиси